карантин

Шифокорлар автомобилдан фойдаланишга ҳақли аммо…

“Мамлакатимиздаги карантин ҳолатида барчамиздан тегишли қонун-қоидалар ва тавсияларга сўзсиз амал қилишимиз талаб этилади. Шу орқалигина биз фидокорона хизмат олиб бораётган шифокорларга ёрдам беришимиз мумкин. Дарҳақиқат, шифокорлар бугунги куннинг ҳақиқий қаҳрамонларига, энг керакли шахсларига айланишди. Аммо буни ҳамма ҳам жумладан, айрим ички ишлар органлари ходимлари тўлиқ англаб етмаган кўринади.

Барчамизга маълумки, карантин шароитида автомобил ҳаракати чекланди. Аммо инсон ҳаёти, соғлиғи, хавфсизлигига таъсир этувчи бир қатор соҳа вакилларининг автомобиллари истисно тариқасида ҳаракатланишига рухсат берилди. Ўзбекистонда коронавирус тарқалишига қарши курашиш бўйича республика комиссиясининг жорий йилнинг 8 апрель кунидаги 17-сон қарори билан уларнинг рўйхати ҳам тасдиқланди. Рўйхатда тиббий-санитария ва эпидомологик хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг хизмат автомашиналари ва ходимларнинг шахсий автотранспорт воситаларига ҳеч қандай рухсатномасиз, эркин ҳаракатланиш ҳуқуқи берилган. Шу билан бирга ушбу ҳуқуқ хусусий тиббиёт муассаларининг хизмат автомашиналарида ҳам мавжуд.

Аммо, менга давлат муассасасида ишлайдиган бир нечта шифокорлар томонидан шахсий автомобилидан фойдаланган ҳолда ишга бориш ва келиш жараёнида ички ишлар органлари томонидан тўхтатилиб, “Карантин қоидаларини буздингиз” дея автомошиналарни жарима майдончасига қўйилётгани бўйича мурожаатлар келиб тушди.

Ҳа, битта-иккита ҳолатда англашилмовчилик бўлгандир, ҳудуддаги ички ишлар бошқармасига чиқиш орқали масала ечилади деб, “Адолат” СДП фракциясининг йиғилишида ушбу масалани ўртага ташладим. Шунда қолган депутатларга ҳам бу бўйича кўплаб мурожаатлар бўлаётганини қайд этишди.

Демак, масала жиддий, у битта-иккита ҳудудда эмас, кўплаб жойларда содир бўлмоқда. Ишига бориб беморларни даволаши керак бўлган шифокорлар бугун ички ишлар органлари ходимидан ўз ҳуқуқини талаб қилиш билан овора.

Мазкур ҳолат бўйича Адлия вазири Русланбек Давлетовга чиққанимизда Республика Комиссиясининг 8 апрелдаги қарори амалда эканлигини, унга кўра давлат ва хусусий тиббиёт муассасаларининг хизмат автомашиналари ва давлат муассасасида ишловчи шифокорларнинг шахсий автомашиналари билан ҳаракатланишига чеклов йўқлигини маълум қилди.

Шу билан бирга бугуннинг ўзида худди шу мазмунда вазирликнинг “Huquqiy axborot” телеграм каналида батафсил тушунтириш ҳам берилди.

Кўриб турганингиздек, қарор ўз кучида, сиз-биз ўқиганимиз ва тушунганимиздай шифокорларга автомашиналаридан фойдаланишга рухсат берилган. Аммо шу оддий ҳақиқатни наҳотки, айрим ички ишлар органлари ходимлари тушунмаган бўлса?

Бу ерда ушбу оқибатларга олиб келувчи икки хил сабаб мавжуд бўлиши мумкин. Яъни, вазирлик томонидан махсус комиссия қарорига зид бирор бирор буйруқ, йўриқнома ишлаб чиқилган ва улар шунга амал қилишмоқда.

Ёки ички ишлар органларининг жойлардаги айрим ходимлари қарор талабларини ва бугунги вазиятни тўлиқ тушуниб етмаган ҳолда салла деса каллани олиш билан банд.

Нима бўлганда ҳам, мазкур вазият бўйича ички ишлар органларининг аниқлаштирувчи муносабатини ҳамда хавфсизлигини таъминловчи ходимларнинг соғлиғимизни сақловчи ходимлар фаолиятига ҳалақит эмас, аксинча, ёрдам беришларини сўраб қоламиз”

Бу ҳолат бўйича “Адолат” СДП фракцияси аъзоси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Махфират Хушвақтова ўз фикрларини баён қилган.

Манба: adolat веб-сайти

Поделиться ссылкой:

Комментлар ёзиш