Халқ таълими вазирлиги санитария талабларига жавоб бермайдиган мактаблар ўқишни масофавий тарзда олиб боришини маълум қилди

АОКА ҳузуридаги штабда ташкил қилинган брифингда Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби Лайло Рустамова санитария талабларига жавоб бермайдиган мактаблар ўқишни масофавий тарзда олиб боришини маълум қилди.

«Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази томонидан бирор мактаб санитария-гигиена талабларига жавоб бермайди деб топилса, ушбу мактабда анъанавий таълим бошланишига йўл қўйилмайди. Ўқувчиларнинг таълим олиши масофавий тарзда амалга оширилади» — деган вазирлик ахборот хизматининг раҳбари.

Лайло Рустамова қандай ҳолатларда мактабларнинг карантинга ёпилиши мумкинлиги ҳақида ҳам маълумот берган.

«Битта синфда таълим олувчи 3 нафар ўқувчида коронавирус аниқланган тақдирда синф Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази томонидан карантинга олинади ва мактабда дезинфекция тадбирлари амалга оширилади.

Жами синфлар сонидан ёки ўқитувчи-ходимларнинг умумий сонидан 10 фоизида коронавирусга тест натижалари ижобий натижани кўрсатган тақдирда мактаб карантинга олинади», — деган Лайло Рустамова.

Аввал Халқ таълими вазирлиги интернетда пандемия шароитида мактаб фаолиятини ташкиллаштириш учун ўқитувчилардан талаб этилаётган турли санитария-гигиена воситалари акс этган рўйхатлар тарқалганига муносабат билдириб, мактабларга дезинфекция воситалари ўқитувчилар томонидан эмас, маҳаллий ҳокимликлар томонидан етказиб берилишини билдирганди.

Манба

Поделиться ссылкой:

Комментлар ёзиш